Макроиқтисодиёт фани сал ғалатироқ. Маълум бир макроиқтисодий сиёсат бўйича якдил фикрга келиб турилганда, уни инкор қилувчи фикрлар пайдо бўла бошлайди. Шундайлардан энг охиргиси Жаҳон банки тадқиқотчилари томонидан иддао қилиняпти:
Марказий банк мустақиллиги мамлакатда (даромадлар/бойлик бўйича) тенгсизликни пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Марказий банк мустақиллиги (МБМ) нима дегани?
Аввал терминларни тушуниб олайлик. Марказий банкнинг энг муҳим функцияларидан бири монетар сиёсатни1 амалга ошириш. Нима учун мазкур ишда Марказий банк мустақил бўлиши керак?
Иқтисодий нуқтаи назардан исталган ҳукумат эришишни орзу қилувчи ҳолат бор - бир пайтни ўзида паст инфляция ва паст ишсизлик даражасига эга бўлиш. Афсуски, иқтисодиётнинг биринчи қоидаси - ҳар қандай қарор бу - “trade-off”дан иборат. Бир нарсага эришиш учун нимадир воз кечилиши керак.
Иқтисодчилар орасида кўпчилик кўшиладиган эмпирик қонуният бор2 - инфляция ва ишчизлик ўртасида қисқа муддатда тескари боғлиқлиқ мавжуд. Бу боғлиқлик Филлипс эгри чизиғи3 деб аталиб, унга кўра инфляцияни пасайтириш ишсизлик даражасини вақтинча юқори бўлишини талаб қилади ва аксинча, ишсизликни пасайтириш учун юқори инфляцияни қабул қилишга тўғри келади.
Лекин, дўппи тор келиб қолганда (масалан, сайлов арафасида ёки давлатнинг миллий валютадаги қарзи билан муаммо пайдо бўлганда) сиёсатчилар мазкур боғлиқликдан ўз манфаати йўлида фойдаланиши мумкин. Хукумат монетар сиёсатни юмшатиш (кредитлашни ошириш, пул эмиссия қилиш) орқали юқори ишлаб чиқариш/паст ишсизлик даражасига эришишга ҳаракат қилиши ва инфляцияни иккинчи “планга” суриши мумкин. Бу эса Марказий банкнинг асосий мандати бўлган нархлар барқарорлигини таъминлаш сиёсатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. 1960-80 йилларда ривожланган давлатларда кузатилган юқори инфляция иқтисодчилар орасида шундай консенсусни пайдо бўлишига олиб келди:
Марказий банк монетар сиёсатда ҳукуматнинг аралашувидан ҳоли - мустақил бўлиши керак.4
Шундай қилиб, 1970 йилларнинг сўнгги ва 2000 йиллар бошларида монетар сиёсат юритишда кескин ўзгариш содир бўлди. Деярли барча давлатлар томонидан монетар сиёсатнинг бош мақсади этиб нархлар барқарорлиги қабул қилинди. Бунга эришиш учун Марказий банкка ҳисобдорлик билан биргаликда мустақиллик (инструмент бўйича, баъзида мақсад бўйича) берилди. Мазкур ислоҳот Халқаро валюта жамғармаси томонидан бутун дунёда кенг қўллаб-қувватланди.
Хар қандай сиёсат ортида эзгу мақсад турсада, унинг диққат-эътибордан четда қолган, дастлаб унча аҳамиятсиз деб баҳоланувчи, аслида эса оқибати ёмонроқ бўлган “побочный эффект”лари бўлиши мумкин. Марказий банкка мустақиллик бериш ҳам бундан мустасно эмасдек кўринади.
МБМнинг “побочный эффект”лари
Томас Пикеттининг “Capital in the Twenty-First Century” китоби инглиз тилига таржима қилингандан сўнг даромадлар тенгсизлиги мавзуси иқтисодиётнинг бош мавзусига айланди. Тенгсизликни келтириб чиқарувчи жуда кўп сабаблар гипотеза қилинади, аммо МБМни тенгсизликка боғлаш дастлаб парадоксдек туюлиши мумкин. Сабаби, макроиқтисодиет бўйича исталган китобни очиб қарасангиз монетар сиёсат узоқ муддатда нейтрал ҳисобланади - иқтисодий ўсиш, даромадлар тақсимоти каби реал ўзгарувчиларга таъсир кўрсатмайди.
Бу тадқиқотда ҳам шу ҳолатга урғу берилган ҳолда МБМ тенгсизликни тўғридан- тўғри келтириб чиқаради деб иддао қилинмайди. Балки, авторлар фикрича, мазкур боғлиқлик МБМнинг натижасида пайдо бўлувчи иқтсиодий сиёсатларнинг ҳосиласидир.
1-расм. МБМнинг тенгсизликка таъсир кўрсатувчи каналлари
Тенгсизликка қарши самарали йўллардан бири даромадларни қайта тақсимлаш ҳисобланиб, бу асосан фискаль сиёсат орқали амалга оширилади. Аммо, МБМ кўпинча юмшоқ фискаль сиёсатнинг қаттиқроқ монетар сиёсат билан бирга ҳамоҳанг юришини талаб қилади. Бу эса фискаль сиёсатнинг таъсирини нейтраллаштиради. Шунингдек, МБМ шароитида ҳукуматнинг пул печат қилиш ва фоиз ставкаларни манипуляция қилиш имкониятлари чегараланади. Қисқа қилиб айтганда - МБМ фискаль ва монетар сиёсатда ҳукуматнинг таъсирини пасайтиради.
Макроиқтисодий сиёсат юритиш имкониятининг чегараланиши ҳукуматни бошқа алтернатив чоралар кўришдан қайтармайди - айникса бу сиёсий жиҳатдан фойдали бўлса. Макроиқтисодий сиёсатда қўли боғланган ҳукумат микро чоралардан фойдаланишга ўтади. Ва, қуйида келтирилган учта канал орқали - МБМ даромадлар тенгсизлигини кучайтиришга “ҳисса” қўшиши мумкин.
Дастлаб - банк-молия тизими арзон кредитлашга турткиланади. Арзон кредитлар қисқа муддатда стимул характерига эга бўлсада, узоқ муддатда активлар нархини “шишига” олиб келади. Активлар асосан даромади юқори қатламга тегишли эканлиги ҳисобга олинса бу тенгсизликни кучайтиради. Бу молия-банк канали деб аталади.
Иккинчи канал - меҳнат бозори орқали кузатилади. Инфляция бўйича мақсадга эришиш меҳнат бозорини ҳам либерализация қилишни тақозо этади. Хусусан, ишчиларни ҳимоя қилувчи институтлар позициялари сусайтирлади. Мақсад меҳнат бозори шундай ҳаракат қилиши керакки, монетар сиёсат ортидан келган шокларни қабул қила олиши керак. Лекин, бу охир-оқибатда ичшиларнинг меҳнат муносабатларидаги кучини (bargaining power) пасайтириб, даромадлар тенгсизлигини кучайтиради.
Ва нихоят, учинчи канал - ижтимоий ҳимоя сиёсати. МБМда шароитида фискаль ва монетар сиёсат доимо координация қилинади. Оддийроқ айтганда - МБМ давлат бюджетини Марказий банк орқали молиялаштиришга рухсат бермайди. Айрим давлатларда Марказий банк турли ижтимоий тадбирларни молиялаштиришга ёрдам бериб келган - арзон кредитлар бериш, давлат корхоналари ва банкларни субсидиялаш ва х.к. Марказий банк мустақил бўлса бундай тадбирларга чек қўйилиши керак. Бу эса давлатнинг қайта тақсимлаш функцияси чегараланишига - тенгсизликни ошишига олиб келади.
Авторлар МБМни таъминлашга қаратилган институтционал ўзгариш қанчалик яхши ниятга қаратилган бўлмасин, у тенгсизликдек кучли ижтимоий муаммони пайдо бўлиши, уни кучайишига ҳисса қўшиши мумкин деб хулоса қилади. Ўзбекистонда хам МБМ таъминлаш йўлида бундай акс таъсирларни эътибордан қочириш керак эмас. Хар холда тенгсизлик яхши феномен эмас.
Монетар сиёсат - бу иқтисодиётда пул таклифини бошқариш.
Бу боғлиқлик бугунги кунда сўроқ остига олинмоқда. Сабаби кўплаб ривожланган давлатлар, хусусан АҚШ ва Европада сўнгги йилларда ишсизлик даражаси ўзининг энг минимум нуқтасига етсада, инфляция сурати паст даражада қолмокда. Бу эса жуда паст ишсизлик даражаси ҳам юқори инфляцияни келтириб чиқармаслиги - Филлипс эгри чизиги унчалик ҳам “эгри” бўлмаслиги мумкин деган хулосага олиб келмоқда.
Янги Зеландиялик олим номига кўйилган бўлиб, у 1958 йилда Буюк Британия маълумотлари асосида ишсизлик даражаси ва иш ҳаки ўсиши ўртасида тескари боғликликни аниқлайди. Бугунги кунда иқтисодчилар фойдаланувчи эгри чизиқ Филлипс кўриб ўтган боғликликдан 3 жихатдан фарқ қилади: замонавий Филлипс эгри чизиғи иш ҳақи инфляциясининг ўрнига нарх инфляциясини ишлатади. Шунингдек, у инфляция буйича кутилмаларни ва таклиф шокларини ҳам инобатга олади.
МБМнинг икки кўриниши мавжуд: биринчиси, мақсад бўйича мустақиллик, иккинчиси, инструмент бўйича мустақиллик. Биринчи ҳолатда Марказий банк инфляция бўйича таргетни ўзи белгилайди, иккинчисида эса ҳукумат томонидан қўйилган мақсадга эришиш учун турли инструментларни ишлатишда мустақил бўлади.
Assalomu alaykum. Ahvollariz yaxshimi? Sizdan bir maslahat olmoqchi edim. Qanday bog'lansam bo'ladi?
Assalomu alaykum. Ahvollariz yaxshimi? Sizdan bir maslahat olmoqchi edim. Qanday bog'lansam bo'ladi?