Америка энди демократик давлат эмасми?
Сон мингта индекслар бор - Бизнес юритиш индекси, Инсон камолоти индекси, Бошқарув самарадорлиги индекси, Эркинлик индекси… Айримлари халқаро ташкилотлар томонидан яратилган ва юритилса, айримлари машхур журнал ёки тадқиқотчилар томонидан ҳисоблаб борилади.
Бу индексларнинг асосий иши ўлчаш қийин (имкони йўқ) бўлган, абстрак, комплекс тушунчаларни бир рақамга келтириш. Сифат кўрсаткчилари миқдорийга айлантирилади. Шундай тушунчалардан бири - демократия.
Бундай индекслар асосан ижтимоий фанларда, хусусан, иқтисодиётда тадқиқотчилар томонидан кўп ишлатилади. Масалан, сиз ҳавонинг ифлосланиш даражасини мамлакатдаги сиёсий режим билан боғлиқлигини кўрмоқчи бўлсез, шундай индекслар жуда асқотади.
Маълум бир давлатдаги сиёсий режим қандайлигини кўрсатувчи индекслардан бири The Polity Project’нинг демократия индекси ҳисобланади (шунингдек, Freedom House ва V-Dem Institute ҳам шундай индексга эга). The Polity Project’нинг индекси жуда машхур ва турли тадқиқот/ўрганишларда ундан кўп фойдаланилади.
The Polity Project 1800 йилдан то бугунга қадар йиллик ҳар бир давлат учун улардаги сиёсий режимни кўрсатувчи баҳони ишлаб чиққан. Мазкур баҳонинг интервали -10 дан 10 гача бўлиб, -10 бу автократия, +10 эса соф демократияни англатади. Шунингдек, мазкур индекс яна қуйидаги режим категорияларга ажратилган:
автократия - индекс интервали [-10, -6]
анократия - [-5, +5] (автократия ҳам, демократия ҳам эмас)
демократия - [+6, +10]
Рейтингга кўра, агар қўйилган баҳо 6 ва ундан баланд бўлса, мазкур давлат демократия ҳисобланади.
Шунингдек, давлатни демократия ёки демократия эмаслигига ажратишда қуйидаги 3 та мезон муҳим:
Фуқаролар ўзларининг хохиш-истакларини ифода эта олиши.
Ижро ҳокимиятининг чегараланганлиги.
Инсон эркинликларининг кафолати.
Polity юқоридаги аспектларнинг дастлабки 2 тасига асосланади. Рейтингдаги энг муҳим кўрсаткичлардан бири “ижро этувчи ҳокимиятнинг чегараси/тийиб турилиши”дир.
Расм манбаси
Қизу томони The Polity Project 2020 йилдан бошлаб АҚШнинг рейтингини 6 балдан пастга - яъни демократия чегарасидан пастга улоқтирган. The Polity Project бўйича Америка энди демократик давлат эмас… анократия категориясига киритилган.
Бу қанчалик тўғри? АҚШ энди демократия эмасми? Халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Пол Постнинг фикрича, АҚШни бундай белгилаш нотўғри. 2020-йилдаги воқеалар демократияни асосий компоненти бўлган ижро ҳокимиятининг чегараланганлиги АҚШда қанчалик кучли эканлигини кўрсатди. Унинг фикрича, Трампнинг Президентлик давридаги хулқ-атворининг шундай ёмонлиги, айнан АҚШда ўзаро тийиб-туриш механизмлари, ижро ҳокимияти фаолияти чекланганлигининг ифодасидир.
АҚШ рейтингининг бундай тарзда пасайтирилиши биринчи марта эмас, аслида. 2016-йили АҚШ рейтинги +10 дан +8га туширилган. 2016-йилда нима содир бўлган деб ўйларсиз? Трампнинг Президент этиб сайланиши. 2016-йилдаги бу кўрсаткич билан АҚШ 1845 йилга нисбатан пастроқ демократиялигини англатади. Ишониш қийин тўғрими? Худди шундай ҳолат Буюк Британия билан ҳам содир бўлган. Брекзит Буюк Британия рейтингининг пасайишига таъсир кўрсатган.
Мазкур пасайтирилишлар демократия бўйича тадқиқот қилувчилар томонидан сўроқ оситига олинган бўлиб, The Polity Project’нинг давлатларни демократияга ажратишдаги муаммолари тизимлилигини кўрсатади. Агар одамлар мазкур баҳоларни “яратувчилари” ҳоҳлагандек овоз бермаса, бу рейтингни пасайтириш учун асос эмас, албатта. Ёки, “сайловда ютқазиш демократияни бой бериш дегани эмас”.
Юқорида кўрсатиб ўтилган муаммолардан ташқари мазкур индексларда кўпинча “Ғарбий тарафкашлик” (“western bias”) ҳам учраб туради. Ғарбий тарафкашлик деганда, агар мазкур индекслар Ғарбдан ташқарида яшовчи одамлар томонидан тузилса бошқача чиқиши мумкинлигини англатади. Мисол сифатида, Пол Пост ўзининг тредида Эроннинг рейтинги 1997-2003 йилларда 9 бандга кўтарилиши Эроннинг демократлашуви билан заррача боғлиқ эмаслигини, балки шу йилларда про-вестерн сиёсат юритиш тарафдори бўлган ва Америка билан яхши муносабатни ўрнатган Хатамининг президентликка келиши билан боғлиқлигини кўрсатиб ўтган.
Қанчалик бу индексдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ? Пол Пост фикрича, бу проектнинг эгалари АҚШ яшайди ва шу ерда яшаб туриб унинг сиёсий режимини тўғри баҳолай олмаса, [унда бошқа давлатларни қандай индекслаши ҳақида тўхталмаса ҳам бўлади].
The Polity Project бўйича Ўзбекистоннинг рейтинги 1991-йилдан 2018-йилгача ўзгармаган -9. Албатта, Ўзбекистон демократик давлатга айланмаганлиги аниқ, лекин 2016-йилдан кейинги ўзгариш ҳаттоки шу баллни 1 бандга бўлсада пасайтирмагани ҳайрон қоларли. Оооозгина бўлса ҳам ўзгариш бўлганку, тўғрими?
Нимага керак бунча гап бизга деб сўрашингиз мумкин. Сабаби, жуда кўплаб тадқиқотлар, айниқса демократияга оидлари асосан мана шу индексга асосланади, шундан келиб чиқиб хулосалар, таклифлар берилади. Тагини кўтариб, ичига озгина кирсанг мана шундай муаммолари бор.
Сифат кўрсаткичлари миқдорийга айлантирилса шу аҳвол.